Кремль расмийлари Франциянинг Charlie Hebdo сатирик журнали томонидан чоп этилган, Россиянинг А321 авиалайнери ҳалокатига бағишланган карикатураларни ҳақорат сифатида баҳолади. Бу ҳақда Кремлнинг расмий вакили Дмитрий Песков баёнот берди.

“Бизда бундай нарса битта сўз билан аталади – ҳақорат. Бу демократия ва ўз эркини ифодалашга алоқадор эмас, бу ҳақорат”, - унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.
Песковнинг таъкидлашича, у журналнинг ҳалок бўлган ходимларига ишланган карикатураларни қидириб кўрган.

“Ростини айтсам, вақтим камроқ эди, - деди у, - лекин мен ҳамкасбларим билан қидириб кўрдим, журналнинг террорчилар томонидан отиб кетилган ходимларига ишланган карикатураларни қидирдик, лекин топа олмадик. Агар улар чоп этилганида бу ҳам ҳақорат бўлар эди, ҳарқалай, бизнинг мамлакатда шундай ҳисобланади”.
Шу билан бирга, матбуот котиби Москва расмий Парижга бу борада мурожаат қилишини таъкидлади.