Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Франция президенти Франсуа Олланднинг таклифи билан Францияга уюштирган расмий ташрифи доирасида 5 ноябрда Парижда унинг Франциянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.     

Учрашувда Airbus, Alstom Transport, Vicat, Soufflet, Rothschild Group, Veolia Asia, Areva ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Нурсултон Назарбоев барча йиғилганларга Қозоғистонга билдирган қизиқишлари учун миннатдорчилик билдирди.

Ушбу ташриф натижаларига кўра Қозоғистондан ташриф буюрган бизнес-делегация вакиллари франциялик тадбиркорлар билан умумий қиймати 5 млрд доллардан кўпроқни ташкил қиладиган шартномалар имзолади. Қозоқ элбошиси Францияни Қозоғистоннинг етакчи иқтисодий ва Европа Иттифоқидаги бош савдо ҳамкори деб атади.    

Назарбоевнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси охирги йилларда 6 млрд доллар даражасида ушланиб турибди. Унинг айтишича, бугунги кунда Қозоғистонда турли соҳаларда 130 та француз компанияси фаолият юритмоқда. Охирги ўн йил ичида Франциянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 12 млрд долларга яқинни ташкил қилди.    

Назарбоев франциялик инвесторларни ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирди ва Қозоғистонда ишлаш учун энг мақбул шароитлар яратилаётганидан воқиф қилди.

Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Франция ишбилармонлик доираларига “Нурли жўл” дастури,  “Экспо-2017” кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик, Қозоғистоннинг Хитойнинг “Ипак йўли” дастуридаги иштироки ҳақида маълумотлар берди.