Буюк Британия ўз разведкаси қўлга киритган маълумотлар яширин технологияларнинг ошкор бўлишига сабабчи бўлиши мумкинлигидан Россияга керакли маълумотларни тақдим этмаяпти. Бу ҳақда Sky News телеканали хабар бермоқда.

Телеканалнинг маълум қилишича, Россия ва Миср А321 авиаҳалокати борасида Британия разведкаси қўлга киритган маълумотларни билишни истамоқда.

Британия, ўз навбатада, бу борада ҳисоботларнинг якуний хулосалари билан бўлишишга тайёр.

Sky News телеканали жума куни Россия ҳукумати “янги маълумотлар” сабаб Мисрга учувчи самолётлар парвозини бекор қилганини маълум қилди. Энг қизиғи, Москвага ўша маълумотларни сўнгги дақиқаларда Британия разведкаси тақдим этган.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин А321 авиаҳалокати билан боғлиқ авиахабарларни Миср билан бўлишишни тўхтатишни тасдиқлаган эди.