31 октябрь куни Парижда “Истеъдодлар салюти” лойиҳаси доирасида XXIV Халқаро болалар ва ўсмирлар ижоди фестиваль-кўргазмаси бўлиб ўтди. “Париж, мен сени севаман!” шиори остида ўтган тадбирда Россия, Бельгия, Латвия, Арманистон, Беларусь ва Ўзбекистондан ташриф буюрган 150 ёш истеъдод соҳиби қатнашди.

Чиқишлар MPAA Saint Germain саҳнасида бўлиб ўтди. Ўзбекистондан борган Дўрмондаги 2-сонли болалар мусиқа мактаби ҳамда Қўқондаги 7-сонли болалар мусиқа мактаби ўқувчилари кўргазмада ғалабани қўлга киритишди.
Тагирова Ҳафиза “Чолғу санъати. Мумтоз. Фортепиано. Соло” номинациясида ёшлар категориясида ғалаба қозонди. Ўрта ёш категориясида эса Бахтиёров Шоҳруҳ ва Деҳқонова Мадинабонулар ғолиб бўлишди. “Чолғу санъати. Халқ ижоди. Доира. Соло” йўналишида ўрта ёш категориясида Йўлдошев Шерзодбек биринчи ўринни эгаллади.

Kultura.uz сайтининг ёзишича, эндиликда Ўзбекистон вакиллари “Истеъдодлар салюти” лойиҳасининг VI Суперфиналида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Мусобақа 2015-2016 мавсуми якунида Санкт-Петербургда бўлиб ўтади.