Покистоннинг Лаҳор шаҳрида қулаб тушган завод биноси харобалари остидан 24 кишининг жасади чиқариб олинган. Қутқарувчилар қурбонлар сони ўсиши мумкинлигини айтишмоқда. Харобалар остида яна тахминан 30 киши қолаётгани айтилган.

4 ноябрь куни Лаҳорнинг Сундар туманида қулаган ушбу завод Plastic Industries пластик пакетлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган, ҳалокат юз берган вақтда бино ичида 170 нафардан ортиқ ишчи бўлган.

Қутқарувчи гуруҳларга бошчилик қилаётган капитан Муҳаммад Усмоннинг маълум қилишича, харобалар остидан 121 киши чиқариб олинган.

Ҳудудда қутқарув ишлари яна 2-3 кун давом этиши айтилган.

Шимоли-шарқий Панжоб вилояти бош вазири Муҳаммад Шариф Шаҳбоз бу ҳодиса сабаблари жиддий текширилишини маълум қилган.

Ушбу фабрикада бироз олдинроқ ишчилар томонидан тинч намойиш ўтказилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Завод раҳбари Муҳаммад Ашраф ҳам вайроналар остида ҳалок бўлгани туфайли полиция корхонанинг бошқа раҳбарларини изламоқда.