Россия президенти Владимир Путин Россия Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси (МАҚ) тавсияларига кўра Мисрда А321 самолёти фалокатга учраши сабаблари аниқлаштирилмагунча Миср билан авиаалоқани тўхтатишга рози бўлди, деб хабар бермоқда Путин матбуот котиби Дмитрий Песков.

Песковнинг айтишича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников МАҚ йиғилиши натижаларига кўра билдирилган бу тавсияларни Путинга етказиб қўйди. “Путин бу тавсияларга рози бўлди”, деб айтди Песков.

”Путин ҳукуматга МАҚнинг бу тавсияларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ва Россия фуқароларининг ватанларига қайтишларини таъминлаш вазифасини юклади”. деб таъкидлади Песков. Песковнинг айтишича, “президент, шунингдек, ҳаво алоқаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Миср билан ҳамкорликни йўлга қўйишни буюрди”.

Песковнинг айтишича, Путин Миср билан авиаалоқани фалокат тергови якунлангунга қадар эмас, балки хавфсизликнинг зарурий даражаси таъминлангунга қадар тўхтатишни буюрган.
Песковнинг қўшимча қилишича, Путиннинг Мисрга парвозларни тўхтатиш қарори авиафалокат юз беришига асосий сабаб теракт бўлганини англатмайди.