2015 йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Энергетика Хартияси бош котиби Урбан Руснак билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

У Ўзбекистонга 5—6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун келган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Энергетика Хартияси Котибияти (54 давлат ва Европа Иттифоқини бирлаштирган) ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида Урбан Руснак илтимосига кўра, мамлакат энергетикасини янада ривожлантириш, соҳани муқобил манбалардан фойдаланган ҳолда комплекс замонавийлаштиришга қаратилган Ўзбекистондаги кўплаб давлат дастурлари татбиғининг амалий масалалари тўғрисида маълумот берилди.

Учрашувда энергетика соҳасидаги баъзи минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.