Hyundai компаниясининг Genesis ҳашаматли суббрендининг биринчи вакили учинчи авлод Equus седани бўлади, у G90 деб қайта номланади. Бу ҳақда The Korean Car Blog портали маълум қилди.

Сеулда янги люкс синфидаги моделлар қатори намойиши пайтида компания мато остига яширилган флагман моделини намойиш қилди. G90 седани Жанубий Кореяда декабрда, жаҳон бўйича эса 2016 йил апрелда Нью-Йорк автосалонида илк бор намойиш қилинади.

Машинанинг фотосуратларидан кўринишича, у Vision G концептуал купеси услубида бажарилган. Hyundai’да Vision G купеси “премиал моделларнинг келажак оиласи учун илҳом берувчи модель” деб аталмоқда.

Янги седаннинг моторлари орасига аввалги 5 литрли V8 двигатели ва янги 3,3 литрли 6 цилиндрли икки турбинали, 365 от кучига эга двигатель киритилади. G90 фақатгина тўлиқ приводли тизим билан таклиф қилинади.

G90’дан кейин Hyundai’нинг янги суббренди G80 деб аталадиган кейинги авлоддаги Genesis седани ва купеси ҳамда ўрта ўлчамлардаги G70 моделлари билан тўлғазилади. 2020 йилга қадар кореялик автомобилсозлар янги суббренд остида 6 та янги модель, жумладан кроссовер ва катта ўлчамдаги йўлтанламас ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдалар.