“Товоқсой” санаторийсига cаёҳат

Ўзбекистон 07 Ноябрь 2015 11111

Кузнинг охирги ойи, дарахтлар барглари сарғайиб, заминни хазонлар қоплаган. Ноябрнинг илк шанба тонгида Меҳнат вазирлиги томонидан уюштирилаётган журналистлар учун медиа-саёҳатга отланиш мақсадида Пахтакор метро бекати яқинидаги майдонга етиб бордим. Қўлимда блокнот, осмоннинг авзойига қараб, соябон олмаганимга афсуслангандек бўлиб “Исузу” томон одимладим. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сардор ака Абдуқундузов илиқ қарши олиб, саёҳатимиз ҳақида қисқача маълумот берди ва автобусдан жой олишимни сўради. Телевидение, радио, ахборот агентлиги, газета-журналларда меҳнат қилаётган журналистлар бирин-кетин жам бўлиб, саёҳат дастурида белгиланган вақтда Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида жойлашган сўлим “Товоқсой” санаторийси томон йўлга чиқдик. Сардор ака йўл-йўлакай медиа-тур ҳақида батафсилроқ маълумот бериб, ҳаммамизга дастур ва пресс-релизларни тарқатди. Унинг айтишича, шу каби медиа-тур Меҳнат вазирлиги томонидан илк марта ташкил этилаётган экан...
Шаҳарнинг гавжум ва шовқинли кўчалари ортда қолиб, олисдан Чимён тоғлари қўр тўкиб турган Бўстонлиқ сари илдамлаб борамиз. Куз аста-секинлик билан кўз ўнгимизда ўзининг бор латофатини намоён қила бошлади: боғу роғлар, олисларда қир-адирларга ястаниб кетган далаларга баҳор яна қайтгандек, сариқ, қизғиш япроқлар анвойи гуллардек кўзга ташланар, шаҳар манзарасидан толиққан нигоҳларимиз гўёки дунёни илк марта кўриб турган гўдак сингари ҳар томонга талпинарди. Кўнгилда ажойиб туйғулар уйғонади. Қишлоқда ўсиб-унганлар болалик хотираларига чўмади. Айримлар фотоаппаратлари, телефонлари камераларини тоғ манзарасига қаратади ва гўзал табиатимизни суратларга муҳрлайди. Шу таҳлит баланд чинорлар, азим арчалар паноҳидаги сўлим “Товоқсой” санаторийси ҳовлисига кириб борамиз.


Автобусдан тушишимиз билан бизни биринчи бўлиб тоғнинг салқин ва мусаффо ҳавоси қарши олади. Ўпкамиз тўлгунига қадар тоғ ҳавосидан симирамиз. Шу лаҳзада танамиз ўзгача тетиклик, бардамликни туяди. Арчалар, сап-сариқ япроқларидан айрилишни истамаётган дов-дарахтлар қуршаб олган йўлакдан бинолар сари борар эканмиз, Сардор Абдуқундузов медиа-турни ташкил этиш учун нима учун айнан “Товоқсой” санаторийси танланганининг сирини ошкор қилади. Бу санаторий асосан кексаларни соғломлаштиришга ихтисослашган экан. “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури қабул қилинганидан кейин бу масалага янаям жиддий эътибор қаратилиб, санаторийнинг 7 нафар шифокори ва 16 нафар ҳамшираси Шифокорлар малакасини ошириш институтида геронтология бўйича малака ошириш курсларида таҳсил олдилар.

Фахрийларни қабул қилиш учун махсус бўлинма очилиб, хоналар кексаларга мос жиҳозлар билан таъминланди. Кексаларнинг ёши инобатга олинган ҳолда таомномаларга ўзгартишлар киритилди. Хуллас, ҳамма шароитлар қариялар учун қайтадан мослаштириб чиқилди. Йил бошидан бери 1200 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ана шу шароитлардан мутлақо бепул баҳраманд бўлиб, ўз саломатлигини тиклаб олишибди...

Санаторийда бир анъана бор экан. Бу ерга келган ҳар бир киши, у хоҳ даволанувчи, хоҳ меҳмон бўлсин, аввало қўлига бир пиёла чой ёки қаҳва тутилиб, енгилгина тамаддига таклиф этилар экан. Таомилга кўра бизни ҳам ширинликларга таклиф этишди. Шу баҳона ҳамроҳларимиз билан янаям яқиндан ташиб олдик. Бир пиёла чой устидаги суҳбат санаторийдаги кексалар учун яратилган шароитлар билан танишиш асносидаги нуроний отахонлар, мунис онажонлар билан интервьюларга уланиб кетди. Аввал кутубхона, сўнг ётоқхона ва муолажа хоналаридаги шароитлар, қулайликлар билан танишдик. Ҳар бир даволанувчи кексалар шароитлардан мамнунлиги, бош шифокордан тортиб, ҳамшираю фаррошларгача – барча ходимларнинг ширинсуханлиги, таомларнинг мазали эканию муолажаларнинг саломатлигига фойда бераётганини айтишади.

Одатда ОАВда бундай гапларни ўқисам ёки эшитсам, тўғриси, ишонмайман, уларга шу гапларни айтиш ўргатилган бўлса керак, дея шубҳа қиламан. Шунинг учун ўғринча хоналарга мўрайлайман: икки киши учун алоҳида ётоқ ва меҳмон кутиш, суҳбатлашиш хонаси, ҳожатхона ва ювиниш хоналари ажратилган, ванналар кексалар чиқиши учун атайин паст ва қулай қилиб жиҳозланган. Залларда юмшоқ мебеллар, телевизорлар ўрнатилган, уларда юзларидан нур ёғилиб турган нуронийлар суҳбат қуришмоқда, баъзилари шахмат ўйнайди...


Муолажа хоналарига ҳам назар ташлайман. Очиғи, аввал бир-икки санаторийда бўлганман. Уларда ҳам шароитлар мақтагулик, албатта. Лекин бу ерда барча шароитлар, жиҳозлар, ускуналар кексалар саломатлигини тиклашга қаратилган, ҳаммаси замонавий – ишонаверинг!
Санаторий бош шифокори, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Нурали Йўлдошев кексаларнинг санаторийдаги даволаниши борасидаги жараёнлар билан ўртоқлашади. Ҳудудларда шу санаторийда даволаниш йўлланмаси берилган кексалар аввал ўз туманидаги шифохонада бир қур даволанар экан. Сўнгра санаторийга келиб физиотерапевтик ва консерватив (умумий қувватни оширувчи дори-дармонлар билан даволаш) муолажаларни олишни бошлашади. Фитобарда эса кексаларга хос хасталикларни гиёҳлар дамламалари ёрдамида даволашга эътибор қаратилади. Кардионеврологик, таянч-ҳаракат ва юрак қон-томир касалликлари билан оғриган кексаларга табиий-иқлимий омилларга омухта физиотерапия, даволовчи жисмоний тарбия, минерал сув ва шифобахш таомлар, масалан, гиёҳ ва денгиз тузи билан ванналар, цилкуляр душ, сувости массажлари айни муддао экан.


Тоза ҳаво сайр қилиш, стол тенниси, шахмат-шашка ўйнаш, ҳар куни бўладиган таниқли хонанда ва сўз усталари иштирокидаги концерт дастурлари, ҳафтада икки марта Бўстонлиқ туманидаги баҳаво масканлар, бир ойда икки марта Тошкент шаҳридаги мустақиллик йилларида бунёд этилган масканларга уюштирилган саёҳатлар бу ерда отахону онахонларимиз вақтининг мазмунли ўтишига хизмат қилади.
Тушлик вақти 500 кишига мўлжалланган ошхонада “Қариси бор уйнинг париси бор” мавзусида байрам зиёфати ташкил қилинди. Халқимизнинг севимли санъаткорлари Лутфулла Саъдуллаев ва Гулчеҳра Саъдуллаева ҳамда ёш хонандалар байрамга ўзгача кайфият бахш этишди. Байрамона тушлик ўзбекона сўрилар ўрнатилган очиқ майдондаги куй ва рақсларга уланиб кетди. Отахону онахонларнинг Андижон полкасию Хоразм лазгисига рақс тушишини кўрсангиз эди!


Кексалик – яна болаликка қайтишдек гап. Инжиқ, эътиборталаб бўлиб қолган кишилар билан алоҳида ишлаш керак. Агар улар 400 нафар бўлса-чи? Салгина эътибор қилмасанг, хафа бўлиб қолиши, болалардек аразлаб қолиши мумкин. Жаҳли чиқиб ҳасса билан бошингга тушириб қолишса-чи? Ортиқча бир сўз айта олмайсан, хурматларини қилиб, меҳрини қозонишга уринасан. Медиа-тур давомида бош шифокор Нурали аканинг, барча шифокору ходимларнинг кексаларга қанчалар хушмуомала эканини кузатиб, уларнинг сабру бардоши, меҳру оқибатига таҳсинлар ўқидим.
Дарвоқе, санаторийда энг кўп учратган ҳолат – дуогўйликлар бўлди. Қўли енгил шифокору, тили ширин ҳамширалар, хушмуомала ходимларни алқаб, дориломон кунларга сабаб бўлган юртбошимиз ҳаққига дуолар қилган нуронийларимиз Яратгандан ватанимиз тинчлиги, халқимиз ҳаётининг яна ҳам фаровон бўлишини сўрайди.

Дўогўйларимиз билан ўтган кун охирлаб, медиа-тур дастуридаги барча ишлар ниҳоясига етади. Қисқа фурсатда қадрдонга айланиб улгурган отахону онахонлар, шифокору ҳамширалар билан хайрлашиб ортга – Тошкентга бир олам таассуротлар билан қайтамиз. Қуёш булутларга алвон ёғдуларини улашган ҳолда уфққа бош қўйган маҳал Пахтакор метроси қаршисида биз журналистлар ҳам хайр-хўшлашамиз...

Санжар Рустамов, Кун.уз мухбири.

Кун янгиликлари
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 22609 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 40441 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 153836 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 43889 Lifestyle
Тадбиркорлар Ҳикмат Абдураҳманов ва Азиза Умарова билан суҳбат: Хитой, омадсиз авиакасса ва вазирликдаги ишдан кетиш
20:24 798 Lifestyle
Интернетда хитойлик ва ҳиндистонлик аскарлар ўртасидаги оммавий муштлашув видеоси пайдо бўлди
20:15 2242 Жаҳон
Каталония ҳукумати мусулмонларни ҳақорат қилмасликка чақирди
19:52 1197 Жаҳон
Сурхондарё ҳокими: Одамларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш — ноинсофлик!
Жанубий Кореяга АҚШ армияси бош қўмондони келди
19:43 973 Жаҳон
Эркинжон Турдимов: “Сурхондарёда етиштирилаётган пахта 100 фоиз шу ерда қайта ишланади”
Кўпроқ янгиликлар