Минор жомеъ масжиди бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов тайинланди. Бу ҳақда Кун.уз сайтига Дин ишлари бўйича қўмита томонидан маълум қилинган.

Бунгача Шайхонтоҳур туманидаги «Хожа Аҳрори Валий» масжиди имом-хатиби бўлган Анвар қори Турсунов 7 ноябрь, шанба куни «Минор» жомеъ масжидида пешин намозида жамоатга масжиднинг янги имом-хатиби сифатида таништирилган.

2014 йил октябрь ойида очилган «Минор» масжидига шу вақтгача Раҳматиллоҳ қори Сайфиддинов имомлик қилаётганди. У меҳнат таътилига чиққани айтилган.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов "Йил имоми" танлови ғолиби, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирди ҳисобланади.

Маълумот учун, Анвар қори Турсунов 1958 йил Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 1981 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йил Тошкент Ислом институтини тамомлаган. Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. У 1989—1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи ўзбекча таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.