АҚШ бошқа давлатлар билан Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасининг 50 дан зиёд маҳбусини уларда жойлаштириш борасида музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестнинг сўзларига асосланиб, РИА “Новости” хабар бермоқда.

“Биз жаҳоннинг турли мамлакатлари билан 53 нафар маҳбусни жўнатиш борасида келишувлар олиб бормоқдамиз”, — деб таъкидлаб ўтди Эрнест.
Унинг қўшимча қилишича, Оқ уй маъмурияти бу борадаги ишни йил охирига қадар якунламоқчи.

Бундан олдин АҚШ президенти Барак Обама террорчи маҳбуслар ушлаб туриладиган Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбусларнинг айримлари бошқа бир қамоқхонага кўчирилиши борасидаги режасини эълон қилишга тайёрлигини билдириб ўтган эди.