Блогер ўз очиқ хатида Ўзбекистон Халқ шоирини аёвсиз танқид қилди

Жамият 07 Ноябрь 2015 31826

Ўзбекистон ҳалқ шоири Иқбол Мирзо блогер томонидан қаттиқ танқидга учради. Сардор Комилов ўз блогида шоирга қаратилган очиқ хат шаклидаги фикрларини жойлаштирган.

27 октябрь куни “Миллий эстрада санъати шоир ва бастакор ҳамкорлиги давр талаби” мавзусида ўтказилган йиғилишдаги ҳолат таниқли блогер Сардор Комиловнинг "тадқиқ нишони"га айланди. (Унинг ушбу йиғилишда шахсан иштирок этгани аниқ билдирилмаган).

У ушбу йиғилиш номининг узунлигига тоқатсизлик кўрсатади ва сўзини ушбу тадбир ҳақида "мантиқсиз яна бир йиғилиш бўлиб ўтибди" деб гап бошлайди.

"Бу ердагилар микрофон орқали танқид қилиш дардига чалинганлару, “битта хонага 100тача одам йиғсангиз, мазза қилиб бир бошлиқлик қилардим!” дейдиганлар ташкил қилган бир театрдек, тавба. Рости, театрдан ўзга эмас, негаки шунча зиддият ва чуқурлашиш...артистликда артистларданам ўтишди ҳисоби", дея ёзғиради у.

У биринчи навбатда йиғилиш иштирокчиларидан бири Иқбол Мирзонинг қўшиқчи Ботир Қодировга нисбатан билдирган эътирозлари устидан танқид ёғдиради.

"Ўзбекистон Халқ шоири ва адашмасам “юқори"да қандайдир бир муҳим ва жиддий кресло минғувчи жаноби Иқбол Мирзога бу сафар Ботир Қодиров ёқмабди..де", дея захархандалик қилади блогер.

"Шоиримиз Ботир Қодировнинг “Эй, дўстим” қўшиғидаги “Энг аввал онангга яхшилик қилгин, энг аввал отангни қадрини билгин!” жумласини танқид қилибди. "Маъноли қўшиқ куйла" деб айюҳаннос соласизлару, ота-она хақида ибратли қўшиқ куйласа "ҳаққинг борми?" дейсизлар", дея давом этади у.

Блогер ўз норозиликларини аччиқ гаплар билан давом эттирган.

"Иқбол акаси, энди хамма артистлар фақааат сиздан шеър олишсин-а? Сиздан бўлмаса, қолганларники маъноли бўладими, маъносизми, ўз фикрларингизга зид бўлса ҳам тупуриб ташлашингиз керак а? Мансаб завқи ўлсин... Ҳаддан зиёд чуқурлашмаяпсизми ё китобингиз сотилмаяптими?", деб очиқ савол беради у.

Блогер шоирга қарши "аёвсиз ҳужум"ни давом эттириб, унга "иштони йиртиққа кулишдан олдин ўзининг кийими бор-йўқлиги"ни текшириб олишни маслаҳат қилади.

"Яна “Жим туринг” қўшиғида “Шовқинланманг” сўзларида уларга битта “Н” ҳарфи ортиқчалик қилибди. Мусиқага туширишга ижодда мавжуд бўлган қўлланиш бу. Мисоллар сероб! Ё сизнинг шеърларингизда бундай мисоллар йўқмикан? Балки бу мажлисларда сиз ортиқчадирсиз!", дейди у.

Блогер бундай майда ва арзимас масалаларга ёпишиб олгунча, телеканаллардаги жиддий хатоликларга (қўшиқчиларнинг исмлари хато ёзиб юборилиши), хориж фильмларини нотўғри таржима қилиш муаммосига эътибор қаратишни сўраган.

У тадбирлардан бирида Ботир Қодировнинг "Ватан" қўшиғи бошқа қўшиқчига куйлатилганига изоҳ берилишини сўраган.

Блогер шунингдек, ватанпарварлик туйғусини мажбурлаб сингдиришга қаршилигини билдириб ўтган.

“Ота-она ҳақида куйлаш борасида уларнинг қадрини ким билмаяпти?” дейсиз. Ватан қадрини барча билса, ватан ҳақида ҳам куйламаслик керакми? “Ватан! Ватан хақида!” тарғиботлари кимдир ватаннинг қадрини билмаётгани учунми? Ростида, гўёки ёшларимиз ватанини севмайдигандек даражада тарғибот қиляпсизлар. Ким ўз ватанини севмас экан? Бу ота ва онадек гапку! Унинг муқаддаслиги ҳам шу даражада шак-шубҳасизку! Ё нотўғрими Мирзо? Зиддиятларингизни қаранг!", деб ёзади блогер.

"Ватан ва Ўзбекистон хақида шеърлару том-том китоблар ёзганингиз билан ҳарфлар ортига яширинилмайди. Қилинган ишларга сўз берилгани яхши. Шахсий фикримча, бундай нарсаларни бот-бот қайтариб, баландпарвоз гапларни увол қиладиганлар манфаат ёки қўрқувдан қилади. Комплекс. Ёки нимадир қилсам, шу гапларим ва ёзганларим ҳимоялар дегандек. Юрт хақида шунча баландпарвоз шеърлар ёздим, деб истаганингизча ҳуда-беҳуда мантиқсиз танқидларини қилиш сизга уят!", дейилади мурожаатда.

Сайёд.сом блогери чегарада ватанни қўриқлаётган бир аскарни Иқбол Мирзонинг бутун бошли ижодидан устун қўйишини таъикдлаб ўтган.

"Умуман олганда, нафақат Иқбол Мирзо балки шундай мажлисда сўзга чиқадиганлар, тил ва ватан ҳақида бонг уравериш эмас, амалда кўрсатиш устида иш қилсангизчи! Фақат гап, гап, гап! Натижачи? Нега РЕАЛЛИККА кўчадиган нарсалар устида ишламайсизлар? Билганингиз 50 чоғли одамни йиғиб, уларга гапириш холос! Сизлар ақл ўргатишдан аввал нима иш қилиб, қойиллатдингиз? Нима ғоянгиз бор ва уни амалга оширдингиз?", сўзини давом этади блогер.

У, шунингдек, "яққу яқ" каби "маъносиз қўшимчалар" фольклор сифатида баҳоланишию, бугун "пайдо бўлган" бошқа сўзларга ўрин берилмаслигига тушуна олмаётганини билдириб ўтган ва яна бир бор "майдалашмасликка" чақирган.

"Умумий олиб айтганда, бу борада яна қайтараман: биз санъат ва шоу-бизнесни гапиряпмиз инсонлар! Ҳокимият ёки мактаб доирасидаги дастурларни эмас!

Дарсни мактабдан олишсин. Ёки институт ва мактабларда ўқитиш сифати шу қадар саёзмики ёшларимизнинг артистлардан сабоқ олишга куни қолган бўлса? Оилаларда тарбия йўқмидики ёшларни артистлар тарбиялаётган бўлса?

Қўшиқ бу ижод тури, халқ ижодиётини бир яхшилаб тинглаб чиқинглар, юқорида айтганимдек, бугунги даврдан бешбаттарлари бор. Асосийси ва муҳими у қўшиқ салбий ғоя тарғиботи бўлмаса кифояку? Нега ҳарфигача танқид қилишга борасизлар? Бошқа муаммо йўқми?

Фонограмма орқали ижро этилади” деган мантиқсиз ёзувни нега ҳалигача тўғриламайсизлар? Фонограмма ва ижро сўзлари бир-бирига зидку! Шунга ақли етмаганлар яна мажлис қилиб қўшиқдаги ҳарфларни танқид қилса?", дея куюнади муаллиф.

"Хуллас, бу сафарги "пенсионерлар бунти"да ҳам доимгидек бир нарса-режани тўлдирмоқ учун тирноқ тагини эмас, бошқа ёқларни ҳам титиш ва ёки кавлаб кўриш ишларидек кечган кўринади. “Томсувоқ” тўй бўлсаку шу Ботир, Зиёда ва Мунисаларни албатта чақирасизлар (расмгаям тушасизлар) концертга чипта ва ва камида эфирда Ботир чиқса, тебраниб эшитасизлару кенг оммага мана бунақа театр қўясизлар. Кулгули. Худдики тўйларингизда навоийхонлик ўтказадигандек гапирасизлар.

Иқбол ака ёки давлат ишини қойиллатсинлар ёки шеъриятни танласинлар. Кимдир айтганди: артистни сиёсатга аралаштирма ва артистни юқори лавозимга қўйма деб. Майлида, сиз артист эмассизку тўғрими? Сизга тегиб кетмас ва шоирларга лавозим мумкин бўлса керак. Қариганида ҳарфларни тўғрилаб ўтириш учун", дея фикрларини якунлайди Сардор Комилов.

Кўпроқ янгиликлар