Россиянинг A321 самолётининг Синай яриморолида фалокатга учрашидан тахминан 2 ой аввал Буюк Британияга тегишли, бортида 189 йўловчи бўлган йўловчи самолёти Шарм-аш-Шайх аэропортига қўниши пайтида ракета билан уриб туширилишига бир бахя қолган. Бу ҳақда The Daily Mail нашри манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, нохуш воқеа 23 августда содир бўлган. Thomson авиакомпаниясига тегишли самолёт Лондондан келаётган бўлган. Лайнер экипажи уни қўндираётган пайтда самолёт томон келаётган ракетани кўриб қолган.

Самолётнинг биринчи учувчиси самолётни чапга олиб қочишга улгурган, бунинг эвазига ракета лайнерга тегмай, ундан тахминан 300 метр нарироқдан учиб ўтган. “Экипажга ракета Мисрдаги ҳарбий машғулотлар пайтида учирилгани маълум қилинган”, деб айтди манба. Манбанинг айтишича, экипаж бу ҳолатдан даҳшатга тушган. Шунга қарамасдан, йўловчиларга бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган.