Москва бўйича Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Андрей Галиакберов шаҳар полицияси шаҳарнинг жануби-шарқида полициячини ўлдирганликда гумон қилинаётган икки кишини қидираётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар берди.  

Аввалроқ номаълум шахс ҳужжатларини текшириш мақсадида уни тўхтатган полициячини отиб ташлагани маълум қилинганди. Жиноят 6 ноябрда Москва вақти билан соат 19:10 да Маринский парк кўчасида содир этилган.

“Москванинг жануби-шарқида полициячини ўлдирганликда гумон қилиниб Шимолий-Кавказ Федерал округида яшовчи 32 ёшли шахс қўлга олинди. У билан тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда”, деб айтди Галиакберов.

Галиакберовнинг айтишича, “айни пайтда ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан яна икки нафар гумонланувчини қидириш ва ушлаш бўйича чоралар кўрилмоқда”. Масъул шахснинг айтишича, жиноятчилар қуролланган ва оғир жиноятларни амалга оширганлик учун федерал қидирувда бўлган хавфли шахслардир.

“Россия ИИВнинг Москва бўйича бош бошқармаси полициячининг қотиллигида гумон қилинаётганларни ушлашга ёрдам берувчи ахборот учун 3 млн рубль миқдорида мукофот пули беришни кафолатлайди”, деб қўшимча қилиб ўтди Галиакберов.