Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида янги авария-қутқарув автомобиллари ва қурилмаларини тантанали топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари, Гидрометеорологик хизмат маркази, Давлат геология ва минерал ресурлар қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимиятлари мутахассислари ва журналистлар иштирок этдилар.

Фавқулодда вазиятлар вазири Т.Худойберганов ва бошқалар бизнинг давлатда фуқароларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар юз беришини самарали прогноз қилиш ва огоҳлантиришга катта аҳамият берилаётганини таъкидлаб ўтдилар. Бу йўналишдаги муҳим ишлардан бири ФВВнинг барча хизматлари ва бўлинмаларини янги, замонавий техник воситалар ва қурилмалар, ватанимизда ишлаб чиқарилган автомобиль техникаси билан таъминлаш ҳисобланади.

Шу муносабат билан мамлакатимизда «MAN» ва «Isuzu» автомобиллари шассиси негизида авария-қутқарув машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 йилда дастлабки шундай автомобиллар қутқарув отрядлари ихтиёрига берилди. Ўтган вақт мобайнида мазкур автомобиллар мамлакатимизнинг олис аҳоли пункти ва туманларида ҳаво ҳарорати юқори ва паст даражада бўлган ҳолатларда ҳам ишлашга қодирлиги ва ишончлилигини намоён этди. Айни пайтда вазирлик ходимлари томонидан фойдаланилаётган автомобилларнинг 60 фоизи юртимизда ишлаб чиқарилган. Жорий йилда Хоразм, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларига «Isuzu» авария-қутқарув машиналари, «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отрядига 50 тонна қувватга эга «MAN» эвакуатори топширилди.

“Қишда довонда ҳаво ҳарорати 25 даражагача совуши мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отряди штаби бошлиғи З.Абдуллаев. – Шунинг учун бизга совуққа чидамли, экстремал тоғ шароитида ишлашга қодир техника зарур. Янги эвакуатор ўзининг техник хусусиятлари бўйича бизга маъқул келди. Мазкур техника довон бўйлаб кўп юк кўтарадиган автомобилларнинг ҳаракатланишини яхшилаш ва юз бериши мумкин бўлган турли фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф этиш имконини беради”.

Тадбирда янги ускуналар ва ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларининг имкониятлари намойиш қилинди.