Арзимаган пора бериш билан Шарм-ал-Шейх аэропортидан юкларни текширтирмай ўтиб кетса бўлади, дейилади Associated Press агентлигининг Мисрдан тайёрланган репортажида.

Исми ошкор этилишини истамаган аэропорт етти ходимининг агентликка берган маълумотига кўра, сўнгги ўн йил давомида аэропорт бандаргоҳи хавфсизлиги борасида жиддий муаммолар кузатилмоқда.

“Мен бир неча бор гиёҳванд моддалар ва қурол-яроқ солинган жомадонларни кўрганман. Уларни полиция ходимлари бор-йўғи 10 евро эвазига ўтказиб юборишади”, — дейди аэропорт ходимларидан бири.

Бундан ташқари, аэропорт бандаргоҳи ходимлари юкларни сканердан ўтказувчи ускуналарнинг эскиргани ҳақида бир неча бор раҳбариятга мурожаат этган. Аммо ускуналарнинг ҳеч бири алмаштирилмаган.