Мадриднинг “Реал” футбол жамоаси ҳужумчиси Карим Бенземанинг адвокати Сильвен Кормье “Лион” жамоаси яримҳимоячиси Матье Вальбуэнани шантаж қилиш атрофида вужудга келган вазият борасида ўз фикрларини айтиб ўтди. Бенземага ушбу иш бўйича айблов қўйилган.

“Каримда бошқа исталган одам каби ҳуқуқ бор – айбловчилар аввал жабрдийдани сўроқ қилишлари керак. Ва шундан кейингина айблов қўйишлари лозим эди.

Бироқ бу вазиятда аксинча бўлган. Улар аввал Каримга айблов қўйишган ва энди улар Вальбуэна уларнинг версиясини қўллаб-қувватлашига умид қилиб ўтиришибди.

Мен яқинда шуни аниқладимки, терговчилар 5 октябрда Бензема ва Вальбуэна ўртасидаги суҳбат асосида хулоса чиқаришган.

Баъзи жойлар менинг мижозим фойдасига талқин қилинмаган. Терговчилар мендан Бензема ва Вальбуэна ўртасидаги суҳбатнинг охирини эшиттирмай, яширишди. Карим бу суҳбат охирида Вальбуэнага пул тўламасликни тавсия қилган.

“Бензема Вальбуэнага “Можаро ҳақида хавотирланма, шунчаки оилангга бу ҳақда айт ва товламачиларга буни чоп этишга йўл қўйиб бер” деб айтган, деб маълум қилди Кормье.

Аввалроқ Бензема Вальбуэнага товламачиларга пул тўлаши кераклигин айтгани таъкидланган эди.

Маълумот учун, Бензема Франция терма жамоаси бўйича ўз жамоадоши Вальбуэнани шантаж қилиш иши бўйича 4 ноябрда ҳисбга олинган. Полиция маълумотларига кўра, Вальбуэнадан унинг иштирокидаги жинсий характердаги видео учун пул талаб қилинган.