“Киберхалифат” хакерлик гуруҳи хакерлари Twitter ижтимоий тармоғидаги 54 мингга яқин аккаунтга бузиб кириб, аккаунтлар эгалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирувлар бюроси ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбарларининг телефон рақамларини интернетга қўйиб юборишди. Бу ҳақда 8 ноябрда The Daily Mail нашри маълум қилди.

Нашрнинг тушунтиришича, хакерлар Сурияда ўзларининг сафдошларидан бири Жунайд Ҳуссайннинг йўқ қилинишига шу тариқа қасос олишмоқчи бўлишган. Ҳуссайн бир қатор француз сайтлари, АҚШ Марказий қўмондонлиги сайти, Newsweek ва International Business Times нашрлари сайтларини бузиб киришга алоқаси бўлган. У, шунингдек, Британия қироличаси Елизавета II ва қироллик оиласининг қолган аъзоларига суиқасд тайёрлашда гумон қилинган.

ИШИДни қўллаб-қувватловчи кибержиноятчилар қачон ва қанча вақт давомида маълумотлар йиғишгани маълум қилинмаган. Бу ҳақдаги ахборот ОАВларда эндигина пайдо бўлди.

Ўғирланган маълумотларга ҳавола 1 ноябрда “Киберхалифат” аккаунтида жойлаштирилган. Бу маълумотлар Twitter ўзининг хавфсизлик хизматига келиб тушган кўплаб мурожаатларга жавобан хакерларнинг микроблогини тўсиб қўймагунга қадар икки соат давомида турган.

Маълумотларга кўра, хакерлар ўз аккаунтларидан ИШИД ғояларини тарғиб қилишда фойдаланмоқчи бўлишган. Таъкидланишича, хакерлар ҳужумидан кўпроқ саудиялик фойдаланувчилар жабр кўрган.