Германиянинг Volkswagen концерни ходимлари яқинда компаниянинг дизелли двигателлари билан боғлиқ равишда келиб чиққан жанжал туфайли АҚШга боришдан чўчимоқда, деб ёзади Süddeutsche Zeitung нашри.

Маълум қилинишича, VW раҳбари Маттиас Мюллернинг АҚШга ноябрда бўлиб ўтиши керак бўлган ташрифи юристлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Концерн раҳбари у ерга борганида қўлга олиниши мумкинлигидан қўрқилмоқда.
Айни пайтда, компания раҳбариятининг Deutsche Welle радиосига маълум қилишича, бу ахборот спекуляциядан бошқа нарса бўлмай, ходимлар АҚШга бормоқда ва боришда давом этади.