Европа Иттифоқи бошқарув органлари Африкага моддий ёрдам кўрсатувчи режа амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилишмоқда. Бунинг учун Европада фуқаролари муҳожир сифатида келган Африка қитъасидаги айрим давлатлар ўн минглаб ўз фуқароларини қабул қилишлари лозим бўлади. Бу ҳақда Брюсселдаги ўз манбасига асосланиб, Sunday Telegraph газетаси хабар қилмоқда.

Лондон муҳожирлар борасида расмий Брюссель олиб бораётган лойиҳаларга аралашмаслигини билдирмоқда. Бунинг ўрнига Буюк Британия 2020 йилга қадар 20 минг нафарга яқин суриялик қочқинни мамлакат ҳудудига қабул қилишини таъкидлаб ўтган.

Маълум бўлишича, Эфиопия, Судан, Уганда ва Кения сингари Африка давлатларига 2 миллиард АҚШ доллари ҳисобида моддий ёрдам кўрсатилинади. Яқин кунларда шу мақсадга йўналтирилган фонд ташкил этиш ҳам назарда тутилган.