“Туркистон” санъат саройи яқинида туширган биринчи суратим яхши чиқмади. Саройга жуда яқинлашиб қолганимдан бўлса керак, камера унинг олдидаги бутун жараённи қамраб ололмади. Бироз орқага тисарилиб, бино атрофида ўрмалашиб юрган барча одамларни камера орқали “кўриш”га ҳаракат қилдим.

Ичкарига кирдик. Бир-биридан гўзал қизлар ёқимли табассум билан ташриф буюрган меҳмонларга йўл кўрсатиб турди. Ҳомийлар ва ҳамкорларнинг маҳсулотларига, реклама стендларига тўлиб-тошган фойенинг безаги бўлиб турган улкан баннери олдига уймаланиб олган ёшлар унинг фонида бот-бот суратга тушар, фотоаппаратлар чироғининг ёниб-ўчиши қандиллар ёруғида хира акс этарди.

Оломон ичида кимлар йўқ дейсиз. Кўзга кўринган бизнесменлар, компаниялар раҳбарлари, катта-кичик тадбиркорлар, журналистлар, санъаткорлар. Сўраб-суриштириб кўрсам, тадбирга маркетологлардан тортиб талабаларгача ташриф буюришибди.
Албатта! АҚШнинг энг машҳур бизнес-тренери, селф-дивилоупмент бўйича ўнлаб китоблар муаллифи, машҳур нотиқ ва мотиватор Брайан биринчи марта Тошкентга келди! Бундай имкониятни соҳа билан таниш ҳеч ким қўлдан бой беришни истамайди.

71 ёшли Трейси шу бугунга қадар ёшига мос тарзда дунёнинг 71 мамлакатида бўлиб улгурган. Ўзбекистон у кўрган 72-мамлакат бўлди. Унинг ҳаётда ўз ўрнини қидираётган инсонларга қарата айтилган маслаҳатлари ва далда сўзларини ўзида жамлаган китоблари 42 тилга таржима қилинган. Минглаб компаниялар ўз бизнес стратегиясини ишлаб чиқишда таниқли бизнес-гуруга мурожаат қилган. Ўн минглаб километр узоқдан, океан оша бизнинг уйимизга келган бу инсоннинг ташрифидан унумли фойдаланиб, унинг донишмандлигидан шингиллар узиб қолиш имконияти нафақат бизнес вакиллари, балки фойдали ва бахтли одам бўлишга интилаётган барчани ўзига жалб қилган кўринади.

Дарвоқе, фойеда уюштирилган кўргазманинг энг диққатга сазовор акциясини эътироф этмай бўлмайди. UCell баннери остида жойлаштирилган учта шахмат тахтаси олдида бамайлихотир айланиб юрган таниқли шахмат устаси меҳмонларга мураккаб масалаларини ечишни таклиф қиларди. Шахматга бефарқ бўлмаган йигитлар тахта атрофида уймалашиб, тақдим этилган масалани ҳал қилишга муваффақиятсиз тарзда уринар экан, спорт устаси мутлақ ақлий устунлик ифодаланган қиёфа билан кейинги тахта томон йўл оларди.

Яна бир қизиқ факт кўзимга ташланди: тадбир ахборот ҳамкорларининг деярли барчаси интернет нашрлари экан. Сир эмаски, Ўзбекистонда ҳанузгача интернет журналистикасига беписанд муносабат кўргизадиган, сайтларни “уйда ўтирган бекорчилар” юритадиган, ёлғон-яшиқ хабар тарқатадиган ножиддий манба деб баҳолайдиганлар учраб туради. Лекин, буни қарангки, Трейсининг ташрифидай муҳим ва йирик ҳодисанинг ташкил этилиши ва ёритилишида айнан ўша “бекорчилар” асосий ўрин тутибди. Интернет журналистикаси бизда ҳам ижтимоий аҳамиятга эга ҳаракатга айланаётганини, онлайн-ресурслар кўлами ва аудиториясига кўра радио ва газета-журналлардан қолишмаётгани, ҳатто баъзи жиҳатдан ўзиб кетаётганини айримлар билиб қўйса мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Ниҳоят, залга таклиф қилиндик. Бошловчи Арсен Длянский, ўзига хос услубда томошабинлар диққатини жалб қила олганига қарамай, хорижлик меҳмонни кўриш илинжида ўзини қўярга ер топа олмаётган жамоани узоқ куттиришга юраги дов бермади шекилли, тезда мақсадга ўтди.
Қисқача таништирув чоғида Трейси бошқа давлатларда стадионларни тўлдиришини таъкидлаб ўтди.

- Биз эса бор-йўғи 800 кишимиз, - фикрини давом эттирди Арсен. – Лекин мен Трейсига, камчилик бўлишимизга қарамай, уни стадиондан кўра яхшироқ кутиб олишимизни ваъда қилдим.
Шу сўзлардан сўнг давомли қарсаклар остида саҳнага Брайан Трейси чиқиб келди.
Ёнида таржимон турганига қарамай, Трейси томошабинларни рус тилида қутлашни лозим кўрди. Саломлашиб бўлгач, рус тилини бироз билишини ва эндиликда ўзбекчани ўрганиши кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг семинар бошланди. Трейси бизнесда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам асқатадиган методикаси билан ўртоқлаша бошлади...

...Гуру гапиришда, сеҳрланган жамоа эса тинглашда давом этарди. Омма диққатини маърузага михлаш, одамларни лол қолдириш қанчалар осон-а? Тингловчиларга 30 сония ичида ҳаётидаги энг муҳим 3 мақсадни қоғозга тушириш таклиф қилинди. Сония миллари югуриб кетди. 30 лаҳзадан сўнг гуру тингловчиларини тўхтатди. Трейси бу 3 мақсаднинг бири молиявий аҳвол, бири оила, бири соғлиқ билан боғлиқлигини тахмин қилиб кўрди. Тренернинг топқирлигига қойил қолган тингловчилар уни олқишлар билан мукофотлади.
Бу жараённи синчиклаб кузатарканман, бир хулосага келдим: йўқ, Брайан Трейси даҳо эмас. У уқтираётган гаплар ҳам кашфиёт эмас. Оддий ҳақиқатлар. Трейси шунчаки ҳаётга тўғри қарашни ўргана олди, ва бу унинг энг катта муваффақиятидир. Оддий ҳақиқатларни англашдай бир қарашда жўн ютуқ ҳаётимизга янги ранглар бахш этиши, ўзимизга ва келажагимизга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлигини Трейси мисолида кўрдим.

Тушлик олдидан уюштирилган матбуот анжумани гуру билан бевосита суҳбат қуриш учун ажойиб имконият бўлди. Залда журналистлар кўп эди, уларни қизиқтирган саволлар янада кўпроқ эди. Вақт чекланганлиги боис энг асосий саволлар билан чекланишга қарор қилишди.
Кутилган шакл ва мазмундаги саволлар янграй бошлади: услубингиз Ўзбекистонда қай даража иш беради деб ҳисоблайсиз? Инсоннинг шахсий хислатлари унинг муваффақиятига қай даражада таъсир кўрсатада деб ўйлайсиз? Ўзбекистон ҳақидаги фикрларингиз?

Мен бироз қолипдан қочишга, Трейсига ҳурматим беқиёс бўлса ҳам, уни бироз “қийнаш”га қарор қилдим. Устозларимиз шундай ўргатишган – суҳбатдошингга кутилмаган томондан “зарба” бер.
Сўз навбати олиб, микрофон қаршисига чиқдим.
- Ҳаётимиздаги 3та асосий мақсадни ёзиш билан боғлиқ машқда сиз бу мақсадлар молиявий аҳвол, оила ва соғлиқ билан боғлиқ бўлишини тахмин қилдингиз? Лекин менинг мақсадларимни топа олмадингиз – мен бошқача ютуқларни ўз олдимга мақсад қилган эдим. Гап нимада? Сизнинг методикангиз ҳаммабоп эмасми, ёки мен ўзига хос инсонманми?

Енгил кулги кўтарилди. Трейси юзида табассум билан жавоб берди:
- 80 фоиз вазиятда мен тилга олган тахмин тўғри бўлиб чиқади. Агар сиз бошқачароқ мақсадлар қўйган бўлсангиз, демак, мен айтган соҳаларда камчилигингиз қолмаган. Айтайлик, оила қурган бўлсангиз, буни ортиқ ўйламайсиз. Дунёдаги барча пулларни ишлаб топган бўлсангиз, табиийки, молиявий мақсадларни ҳам ўз олдингизга қўймайсиз.

Оила ҳамда оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар юзасидан берилган савол ҳам Трейсининг табассумига сабаб бўлди. Ўйлашимча, тўрт фарзанднинг отаси бўлган америкалик бизнес-тренер бу масалада Ғарбнинг “бузғунчилиги” ва “ахлоқсизлиги” ҳақида бонг уришни яхши кўрадиган айрим бақироқларни мот қилди. У ўз жавоби билан биз шарқлик ва ғарблик, мусулмон ва кофир эмас, аввало инсон эканлигимизни, барчамиз оила ва яқинларимизга боғлиқлигимизни, меҳр олиш ва беришга муҳтож эканлигимизни кўрсатиб берди.

- Оила ҳаётимизнинг энг муҳим қисмидир, - таъкидлади Трейси. – Мен болаларимни яхши инсонлар қилиб етиштиришга асосий эътиборни қаратаман. Энг катта фарзандим 35 ёшда, энг кичиги эса 23да, лекин мен ҳали-ҳамон улар билан шуғулланмоқдаман. Оилада муаммолар келиб чиқиши, “авлодлар тўқнашуви” юзага келиши мумкин, фарзандингиз аҳён-аҳёнда сўзингизни тингламаслиги, муроса топа олмаслигингиз мумкин. Лекин бу ўзаро меҳр-муҳаббатга рахна солмаслиги керак. Билиб қўйинг, фарзандларингизга ўтказа оладиган энг ижобий таъсирингиз унга ибрат бўла олишингиздир. Фарзандларингизга қила оладиган энг катта яхшилингиз турмуш ўртоғингизни чин дилдан севишингиздир.

...Семинар соат 17:00да тугалланиши мўлжалланган бўлса ҳам, Брайан Трейси машғулотларни 17:30га қадар давом эттиришга қарор қилди. Ҳеч ким қарши бўлмади. Савол-жавобларни қўшиб ҳисоблаганда эса тадбир роппа-роса 18:00гача давом этди. Сўнг гуру давомли олқишлар садоси остида саҳнани ва зални тарк этди. Бизларни эсдалик суратлари сессияси ва тушлик кутарди...

Сўзимиз якунида ташкилотчиларнинг меҳнати ўзини оқлаганини таъкидлаб ўтган бўлардим. Тадбир, дарҳақиқат, юқори савияда, жуда ижобий руҳда ўтди. Буни Трейси ҳам эътироф этди. Айрим техник камчиликлар ҳам ўз вақтида киритилган ўзгартиришлар туфайли тадбирнинг боришига салбий таъсир кўрсатмади. Тадбир режасига кутилмаган ўзгартириш киритиб, уни бир соатга узайтирган одам Трейсининг ўзи бўлди. Бунинг сабаби тушунтирилмади. Балки унга Тошкентда тўпланган аудитория маъқул тушгандир?

Эльдар Асанов, Kun.uz