Буюк Британия миллий хавфсизликнинг янги стратегияси доирасида Россияни ўзи учун “олий даражадаги хавф” деб топмоқчи. Бу янги стратегияни мамлакат бош вазири 23 ноябрда тақдим қилиши режалаштирилган, деб хабар бермоқда Times нашри.

Бундай даражадаги хавфлар орасида, шунингдек, Европага келаётган муҳожирлар билан боғлиқ барқарорсизлик, террорчилик, ИШИД каби террорчилик гуруҳлари фаолияти ва Эбола безгаги тарқалиши кабилар келтириб ўтилган.

Нашр маълумотларига кўра, бундай хавфларнинг таҳлили Британия ҳукумати томонидан ҳар 5 йилда ўтказилади. 2010 йилда Россия мамлакатга хавф солаётган таҳдидлар орасига киритилмаган эди. Нашр ўз манбасига иқтибос келтирган ҳолда Буюк Британия ҳукумати бундай хулосага охирги 5 йил ичида Россия тажовузининг ортиши сабаб келган. Хусусан, гап Россиянинг Украина ва Суриядаги ихтилофлардаги иштироки ҳақида кетмоқда.

Ғарб Россияни бир неча бор Украинадаги ихтилофга аралашиш ва “Қримни босиб олишда” айблаган. Россия бу айбловларни инкор қилиб келмоқда ва Қрим Россия таркибига ўз истаги билан кирганини таъкидламоқда.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер 6 ноябрда Россия ва Хитойни дунё тартибига хавф солаётган давлатлар деб атаган. У Россияни Европада ихтилофларни авж олдиришда, хусусан Украина ва Грузия суверенитетини бузишда, Болтиқбўйи давлатларини кўрқитишда айблади ва АҚШ ўз иттифоқчилари билан Россияни ушлаб туриш вариантларини муҳокама қилаётганини таъкидлаб ўтди.