Ўзбекистон 2016 йил мартигача “Ангрен – Поп” янги, электрлаштирилган темир йўлни ишга туширишга қарор қилган. Бу ҳақда sputnik нашри “Ўзбекистон Темир йўллари” вакилига асосланиб, хабар тарқатган.

Манбанинг сўзларига кўра, йўл ишга туширилишининг аниқ санаси ҳали маълум эмас, лекин темирйўлчилар ушбу йўлни, Ўзбекистоннинг асосий байрамларидан бири бўлган – Наврўз арафасида ишга туширишни режалаштиришган.

“Март ойи охирида биз ушбу йўналишда поездлар ишчи ҳаракатни бошлаймиз. Аввалига ундан фақат юк поездлари юради, 2016 йилнинг сентябрида эса, йўловчилар ташиш бошланади”, — дейди суҳбатдош.

Маълумот учун, ушбу йўл қурилиши 2013 йилнинг ярмида бшланган бўлиб, унинг узунлиги 123,1 кмни ташкил қилади. Унинг алоҳида жиҳати шундаки, янги темир йўл баландлиги 2200 метр бўлган “Қамчиқ” довони орқали ўтган. Довондан ўтиш учун Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси билан ҳамкорликда узунлиги 19 км бўлган туннел қурилиб битказилмоқда. Ушбу туннел қурилиши учун 455 млн доллар маблағ сарфланган. Туннелдан ташқари бу ерда 285 ёрдамчи объект, 22та кўприк, 6та темир йўл бекати ва иккита вокзал қурилган.

Маълум қилинишича, янги йўналишнинг очилиши Хитой – Ўрта Осиё — Европа халқаро темирйўл транзит коридори ташкил қилинишини билдиради.

Экспертлар хабарига қараганда, темир йўл ишга тушганидан кейин биринчи йил мобайнида 600 минг йўловчи ва 4,5 млн тонна юк ташиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,6 млрд долларни ташкил қилди, шундан 1,08 миллиард долларлик қисми “Ўзбекистон темир йўллари” сармояси, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди ва давлат бюджети ҳисобида. Эксимбанк 350 млн доллар, Жаҳон банки эса 195 миллион доллар маблағни ушбу лойиҳа учун кредит сифатида йўналтирган.