Мисрда ҳалокатга учраган Россиянинг Airbus А321 самолёти бўлаклари дастлабки текширув натижалари ҳамда “қора қути”даги ёзувлар ва бошқа параметрлар авиафалокат сабабларини ойдинлаштиришга ёрдам бермади.

Бу ҳақда “Коммерсантъ” газетаси лайнер қулашини тадқиқ қилиш жараёнларидан бохабар ахборот манбасига асосланган ҳолда хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, самолёт бортидаги қўпорувчилик ҳаракатига оид тахмин экспертиза ёрдамида аниқлаштирилади.
Нашр манбаси лабораторияга “қора қути”даги суҳбатлар, самолёт парчалари, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадларидан парчалар юборилишини тасдиқлади.

Шу билан бирга, тўқима ва металл парчаларида портловчи моддалар мавжудлигини ўта аниқликда кўрсатувчи спектрал таҳлиллар олиб борилади. Лайнер бўлаклари устида ўтказилган текширувлар портловчи модданинг тури ва миқдорини аниқлашга имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб ҳалокатга учраган эди. Мазкур самолёт бортидаги 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзосининг барчаси ҳалок бўлди.