Англиянинг жанубий-шарқида жойлашган Лоутон шаҳрида (Эссекс графлиги) ниқобли босқчинчилар 20 ёшли йигитга ҳужум уюштиришди, деб ёзади The Independent.

Манбанинг ёзишича, улар фуқаронинг бир неча жойига пичоқ билан ҳамла қилишган, унинг қўлини кесиб, воқеа жойидан ғойиб бўлишган.

Воқеа 7 ноябрь куни кечқурун содир бўлган. Жабрланувчи ўз ўртоқлари билан тунги клубга ҳордиқ чиқариш учун ташриф буюрган. У мазкур бинодан чиққани заҳоти уч ёки тўрт нафар жиноятчилар ҳужумига учраган.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, босқинчилар бир неча маротаба болага пичоқ билан зарба берган. «У тротуарда ётарди. Унинг танасига бир нечта кесилган жойларни кўриш мумкин эди. Орқа томонидан ҳам унинг тўртта жойидан жиддий жароҳат олганини кўриш мумкин эди. Жуда кўп қон йўқотилганди», — дейди гувоҳ.

Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага етказилган. Ҳозирча унинг аҳволи борасида аниқ маълумотлар йўқ. Жиноятнинг “қайноқ изи”да полиция 30 ёшли шубҳали шахсни қўлга олган.

Полиция маълумотига кўра, жиноятчилар воқеа жойидан қора рангдаги Audi A8 машинасидан қочиб кетишган. Ёқиб юборилган авто шанба куни эрталаб топилган. «Текширувлар ҳужум шунчаки тасодиф туфайли эмас, олдиндан ўйланган режа асосида қилингани сезилиб турибди», — дейди графлик полицияси матбуот котиби.