Азиз Ҳайдаров КХДРга қарши ўйин ҳақида: Асосийси қасос олиш эмас, ғалаба қозониш

Спорт 09 Ноябрь 2015 2744

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров Ўзбекистон футбол Федерацияси матбуот хизматига берган интервьюсида 12 ноябрь куни бўлиб ўтадиган КХДРга қарши ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Миллий терма жамоага йиғинга ким қандай кайфиятда келганидан қатъий назар унгача бўлган барча нарсани унутамиз ва фақат бўлажак ўйин ҳақида ўйлаймиз”, — дея сўз бошлади 30 ёшли ярим ҳимоячи.

“Ўйлашимча, йигитлар яхши спорт формасида. Жамоадаги кўпчилик учун мавсум ниҳоялаб бораётгани ва уларнинг жисмоний кўрсаткичлари бироз пасайганини ҳисобга олган ҳолда мураббийлар штаби иш олиб боряпти. Ўйингача ҳамма тайёр ҳолатга келади, деб ўйлайман. Ундан ташқари футболчилар билан психологик тайёргарлик ишлари йўлга қўйилган. Чунки олдинда жуда муҳим ўйин кутмоқда. Бу ўйиннинг қанчалик аҳамиятга эга эканини жамоадаги барча яхши тушуниб турибди. Бўлажак ўйинларни ўз фойдамизга ҳал қилиш учун бутун диққат эътиборимизни уларга қаратишимиз керак. Ҳеч кимда футболдан ташқари ҳеч қандай ортиқча хаёллар, ўй-фикрлар бўлмаслиги лозим”, — дея сўзида давом этди миллий терма жамоа сафида 71 марта майдонга тушган футболчи.

“Дастлабки ўйинда бир қанча кутилмаган ҳолатларга дуч келдик. Биринчи навбатда бу — майдон. Чунки сунъий қопламали майдонда ўйнашини билганидан кейин футболчиларнинг иштиёқига бу нарса салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Иккинчидан улар ўз мухлислари кўз ўнгида, уларнинг қўллаб-қувватлашларидан қўшимча куч олган ҳолда ўйнашди”, дейди жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасидаги дастлабки ўйинда КХДР майдонида учралган мағлубият ҳақида эслар экан Азиз Ҳайдаров.

Жавоб учрашувида эса у Ўзбекистон уч очкони қўлга кирита олиши ва мухлислар ишончини оқлашига ишонч билдирди.

“Бу сафар эса энди биз ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз. Бу ўйинда майдонга рақибдан аввалги мағлубият учун ўч олиш учун эмас, балки, рақиб жамоасини мағлуб этиб, ўзимизга жуда керакли уч очкони қўлга киритиш учун тушамиз. Ортиқча эҳтиросга берилиб эмас, ақл билан ўйин кўрсатамиз. Мухлисларимиз бизга ишонишади. Ўйлайманки, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлади ва ўйинни ғалаба билан якунлаймиз”, дейди у.

Кўпроқ янгиликлар