Британия бош вазири Еврокенгаш раисига мамлакатларнинг ЕКга аъзо бўлиши тўғрисидаги шартномага ўзгартишлар киритилиши борасидаги талаблар битилган мактубни жўнатди.

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Хаммонднинг маълум қилишича, Еврокенгаш фаолиятига киритилаётган ўзгаришлар Британия фуқароларини қониқтирмайди.
“Бу ерда гап Еврокенгаш амалга оширмоқчи бўлаётган фундаментал ўзгаришлар тўғрисида кетмоқда”, - деди Хаммонд ВВС телеканалига берган интервьюсида.

Аввалроқ 10 ноябрь куни Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Европа кенгаши раиси Дональд Тускка Британиянинг ЕКга талаблари битилган мактуб юбориши ҳақида хабар қилинган эди. Кэмероннинг айтишича, аввал Британиянинг ЕКдаги аъзолиги тўғрисидаги шартномага ўзгартишлар киритишга эришилади, сўнгра мамлакатнинг кенгашдаги иштироки масаласи бўйича референдум ўтказилади.

Маълумотларга кўра, Европа кенгаши фаолиятига ўзгартишлар киритиш масаласи Иккинчи жаҳон урушидан сўнг илк бор кузатилаётган мисли кўрилмаган даражадаги муҳожирлар оқимининг Европа мамлакатларига кириб келаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Қочқинлар масаласида Еврокенгаш қабул қилаётган қарор, табиийки Британияга унчалик ҳам маъқул келмаяпти.

Бош вазир Кэмероннинг Дональд Тускка юборган мактубида ҳам Британия муҳожирлар учун ижтимоий нафақа беришни тўрт йил муддатга тақиқлашни асосий талаблардан бири сифатида киритган. Шунингдек, ЕКнинг алоҳида аъзоларига катта имтиёзлар бериш ҳамда мамлакатга Еврокенгаш талабларини бажармаслик ҳуқуқи берилиши ҳам айтиб ўтилган.