Индонезияда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олувчи миллий бошқармаси (BNN) тимсоҳлар қўриқлайдиган ҳибсхона қуриш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда маҳаллий амалдор маълумотига асосланиб, Франс Пресс агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг маълумотига кўра, қамоқхона бирор-бир оролда қурилиши лозим. Унда гиёҳванд моддалари савдоси билан шуғулланиб, ўлим жазосига маҳкум этилганлар сақланади. Таклиф муаллифи бошқарма бошлиғи Буди Васесо бўлиб, у айни дамда қамоқхонани қўриқлашга муносиб тимсоҳларни излаб, бутун мамлакат бўйлаб кезиб юрибди.

"Тимсоҳларни пулга сотиб олиш мумкин эмас. Шу боис улар маҳбусларнинг қочишига йўл қўймайди", — деб ҳисоблайди бошқарма бошлиғи.

Агентликнинг маълумотларига кўра, қурилиш лойиҳаси дастлабки босқичда. Айни дамда уни амалга ошириш вақти ва жойи маълум эмас.