Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бугун, 9 ноябрь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

Учрашув давомида Жаҳон банкининг 2015-2018 йилларда янги стратегияларни амалга ошириш учун Тожикистонга грант дастури асосида 250 миллион доллар маблағ ажратиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар Тожикистон иқтисодиётига сармоя киритишда имтиёзли кредитлар, грантлар, транспорт, сув таъминоти, хусусий сектор, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишда техник ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

Томонлар шунингдек, CASA-1000 лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам музокара олиб боришди.