Жозе Моуриньони ишдан бўшатиш "Челси" учун жуда қимматга тушиши мумкин. The Telegraph журналисти Мэтт Лоу ушбу эҳтимол бўйича ўз тахминий ҳисобларини ёзиб чиқди.

"Челси" 12-тур учрашувида "Сток Сити"га қарши сафар учрашувида майдонга тушди ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, 16 ўринга тушиб кетди (12 ўйиндан 11 очко).

Журналистнинг ҳисоблашича, "Челси" Моуриньо билан хайрлашиш қарорига келса, 100 млн фунт харажат қилишига тўғри келади. Мақолада айтилишича, жамоа кейинги мавсумда ЕЧЛда қатнашиш учун йўлланмани қўлга кирита олмаса, 40 миллион фунт йўқотади. Бу қиймат таркибига УЕФА ажратадиган маблағлардан ташқари чипталар сотувидан тушган маблағлар киради. Таққослаш учун, "Арсенал" ЕЧЛдаги ҳар бир уй ўйини орқали чипталар сотувидан 2 млн фунт ишлайди.

Португалиялик мутахассис билан шартноманинг муддатидан олдин бузилиши жамоа устама пули сифатида 10 миллион фунт тўлашига олиб келади.

Унинг бўшатилиши янги бош мураббий олиб келиш заруратини пайдо қилади. Айни вақтда унинг ўрнига олиб келиниши мумкин бўлган номзодлар қаторида аргентиналик мураббий, "Атлетико" устози Диего Симеоне номзоди бор. Ушбу мутахассисни олиб келиш учун "Челси" мадридликларга 15 млн фунт бериши керак бўлади. Янги мураббий эса жамоани янгидан шакллантириш учун ўзи истаган футболчиларни трансфер қилиш талабини қўйиши мумкин. У ўз билан "Атлетико"да Коке ва Гризманни олиб келиши мумкин ва бу футболчилар учун 40 млн сарфлаш керак бўлади.