8 ноябрь куни Ла Лиганинг 11-турида навбатдаги учрашувлар ўтказилди. "Рамон Санчес Писхуан" стадионига сафар қилган "Реал" "Севилья"дан 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва бу мадридликларнинг жорий мавсумдаги илк мағлубиятига айланди.

Ўйиндаги илк ва охирги голлар "Реал" футболчилари ҳисобига ёзилди.

Дастлаб, 22-дақиқада Серхио Рамос акробатик услубда йўллаган зарбаси орқали ҳисобни очди. "Севилья"нинг собиқ футболчиси бу голини нишонлай олмади, у бу вазиятда ерга ноқулай қулаб, елкасидан жароҳат олди ва ўйинни муддатидан аввалроқ якунлади.

"Севилья" биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштирди, Чиро Иммобиле ўткир бурчакдан Касилья дарвозасини ишғол қилди - 1:1.

Иккинчи бўлимни майдон эгалари фаол бошлашди. Айниқса, Евгений Коноплянка ўзининг фаол ҳаракатлари эвазига меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирди. Ўйиннинг 61-дақиқасида айнан унинг фаоллиги эвазига "Реал" дарвозаси ишғол қилинди. Украиналик футболчи жамоадоши билан "девор" ўйнаб жарима майдончасига кирди ва Банегага узатма берди. Эвер уч ҳимоячи орасида бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

"Реал" сафида Хамес Родригеснинг майдонга тушиши "қаймоқранглилар"нинг ўйинини бироз кучайтирди. Аммо Бенитес жамоаси имкониятлардан фойдалана олмади. Жумладан, 73-дақиқада бурчак тўпидан Каземиро бош билан йўллаган зарбани Серхио Рико шундоққина дарвоза чизиғи устида ушлаб қолишга муваффақ бўлди. Орадан 1 дақиқа ўтиб эса захирадан майдонга тушган Фернандо Льоренте қанотдан етказилган узатмани бош билан дарвозага жойлади ва ҳисобни 3:1 кшриниишига келтирди.

Қолган дақиқаларда "Севилья" тўп назоратини тўлиқ ўз томонига олди ва "Реал"ни тўпсиз ҳаракат қилишга мажбурлади. Фақатгина иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар тугашига 30 сония қолганида Хамес Родригес жарима майдончаси ташқарисидан чиройли зарба билан ҳисобни биттага қисқартирди.

"Реал" мавсумда илк марта мағлубиятга учради, аммо бу мағлубият уларни жадвалда 2-ўринга тушириб қўйди.

Ла лига, 11-тур
Севилья – Реал Мадрид 3:2 (1:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 22 Рамос, 1:1 – 36 Иммобиле, 2:1 – 61 Банега, 3:1 – 74 Льоренте, 3:2 – 90 Хамес.
Севилья – Рико, Андреолли (Колодзейчак, 84), Мариано, Тремулинас, Рами, Коноплянка, Крыховяк, Банега (Крон-Дели, 78), Нзонзи, Витоло, Иммобиле (Льоренте, 70).
Реал Мадрид – Касилья, Рамос (Варан, 32), Данило, Начо, Пепе, Модрич, Кроос (Хесе, 78), Иско (Хамес, 63), Каземиро, Бэйл, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Начо (5), Иммобиле (37).