Ливия ҳудудида Сербия элчихонасининг 2 нафар ходими номаълум шахслар томонидан олиб қочилди. Расмий Белграднинг маълум қилишича, Ливияда ҳайдовчи Слажан Станкович ва ҳайдовчи Йович Степич ўғирланган.

Сербия ТИВ раҳбари Ивица Дачичнинг сўзларига кўра, номаълум шахслар Сербия элчиси кортежига пистирмадан ҳужум қилиб, автомобиллардан биридаги 2 кишини олиб кетишган.

Ушбу ҳужум туфайли ҳеч ким жабрланмаган.

Шу йилнинг июлида Ливия шимолида Италиянинг 4 фуқароси ўғирланганди. Бу италияликлар Bonatti қурилиш фирмаси вакиллари эди. Италия ТИВ маълумотига кўра, уларни Триполи яқинидаги Mellitah нефтгаз мажмуаси яқинида олиб кетишган.

Шу йилнинг мартида ИШИД Ливиядаги Ал-Ғани ҳудудидаги нефть базасидан 10 нафар хорижликнинг ўғирлангани ҳақида маълум қилганди. Бу ҳужум вақтида 8 нафар қўриқчи ўлдирилганди.

Австрия ТИВ ИШИД томонидан Ал-Ғанида ҳужум уюштирилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. Австрияликларнинг маълумотига кўра, ўғирланганлар орасида 4 нафар филиппинлик, шунингдек Австрия, Чехия, Бангладеш ва Гана фуқаролари бўлган.