Бир муддат илгари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Буюк дашт мамлакати” деган номни мамлакатнинг брендига айлантириш ташаббуси билан чиққан эди. Эндиликда бу ташаббус каттароқ миқёсга чиқиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

“Нур Отан” партияси қошидаги “Мерос” республика жамоат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, бу брендни жорий қилиш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиботини олиб бориш учун дашт тарихи ва маданияти ҳақида видеоэнциклопедиялар, қисқа метражли фильмлар, энг яхши логотип учун танлов эълон қилиш бирламчи аҳамиятдаги тадбирлардир.

Шундан сўнг кенгроқ миқёсда илмий конференциялар ўтказиш, ОАВ орқали тарғибот юритиш борасида ўйлаб кўриш мумкин бўлади.
“Биламизки, мафкура компасдай нарсадир, - деди кенгаш аъзоси Мирзатай Жолдасбеков. – Агар кема денгизга компассиз чиқса, у йўлини йўқотиб қўйиши мумкин. Жамиятимиз адашиб қолмаслиги учун, Қозоғистон компасда юрган мисоли белгиланган йўлдан аниқ юриши учун миллий ғоя керак”.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари “Буюк дашт мамлакати” ғояси оддий “кампаниябозлик” бўлиб қолмасдан, муайян тизим асосида амалга оширилиши лозимлиги ҳамда мамлакат имижига чуқур таъсир ўтказиши лозимлиги борасида бир фикрга келдилар.