Toyota компанияси яқин 5 йил ичида сунъий онг яратишга 1 млрд доллар сарфлайди. Бу сумма марканинг янги илмий марказини ривожлантириш лойиҳасида кўрсатилган. Унинг очилиши 6 ноябрь куни айтилган эди.
Toyota Research Institute номли янги марказ 2016 йил январидан иш бошлайди. Бу ҳақда компания президенти Акио Тойода матбуот анжумани чоғида айтиб ўтди.

Илмий марказнинг икки корпусидан бири Калифорниядаги Стэнфорд университети, бири Массачусетс технологик институти ёнида жойлашган. Янги лойиҳа ушбу олийгоҳларни қўллаб-қувватлаш борасидаги дастурнинг давоми бўлиб, унинг доирасида тилга олинган ОТМларга компания томонидан 50 млн доллар ажратилади. Лойиҳа сунъий онг ишланмаларини ривожлантиришгагина эмас, роботехника яратишга ҳам йўналтирилгандир.

Toyota Research Institute директори этиб америкалик роботехника мутахассиси доктор Гилл Прэтт тайинланди. Илгари Прэтт Массачусетс институти илмий ходими ва АҚШ истиқболли мудофаа илмий-тадқиқий ишланмалар агентлиги (DARPA) менежери лавозимларида ишлаган. Агентликда мутахассис роботлар ёрдамида фожиаларни бартараф қилиш ва олдини олиш бўйича махсус дастурга бошчилик қилган.

Прэттнинг сўзларига қараганда, TRI’нинг бошланғич мақсади автомобиль хавфсизлигини сунъий онг ҳисобига ошириш, кекса ва имкониятлари чекланган инсонлар учун автомобиль технологияларини ривожлантириш бўлади.
Toyota машинани автоном режимда бошқаришнинг ўз тизими устида ишламоқда. Октябрь ойи бошида Highway Teammate ярим автоматик бошқарув тизимининг такомиллаштирилган версияси жамоатчиликка тақдим этилган эди. У машинага шосседа ҳайдовчининг иштирокисиз ҳаракатланиш имкониятини беради.