Тунис президенти Бажи Каид Ас-Сабсий бошчилик қиладиган “Нидо Тунис” партиясининг аъзолари бўлган мамлакат парламентининг 32 депутати раҳбариятнинг нодемократик усуллари сабабли истеъфога чиқишга ариза берди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

“Бизга президент комиссияси, партиянинг ягона қонуний органини чақиртиришга рухсат берилмагандан кейин ҳукмрон блокни тарк этишга қарор қилдик. Биз партия бошқарувининг нодемократик усулларига норозилик сифатида истеъфога чиқишга ариза бердик”, деб айтди депутат Хассун Насфий.

Агентлик маълумотларига кўра, депутатларнинг бундай қадамга қўйишлари мамлакат президенти ўғли Ҳофиз Каид Ас-Сабсий атрофидаги можаро билан боғлиқ бўлиши керак. Президент ўғли отасидан кейин унинг ўрнини эгалламоқчи.

Агентликнинг маълум қилишича, ҳукмрон партия аъзоларининг оммавий тарзда истеъфога кетиши рақобатчи “Ан-Нахда” исломий партиясига парламентда кўпчиликни шакллантиришга имкон беради. Бу эса ҳукуматнинг бюджет харажатларини чеклаш бўйича ислоҳотларни ўтказишга уринишларига анча қийинчилик туғдириши мумкин. Бундай чеклашларни амалга оширишни Тунисдан халқаро кредит-молия ташкилотлари талаб қилмоқда.

2014 йил октябрда президент бошчилик қиладиган “Нидо Тунис” партияси парламент сайловларида ютиб, Миллий ассамблеяда 85 ўрин олган. Унга рақобатчи “Ан-Нахда” партияси эса парламентдаги 217 ўриндан 69 ўринга эга бўлган.