Хитойнинг айрим ҳудудларида бугунги кунга келиб ҳаво ифлосланиши даражаси меъёридан 56 баробарга ошиб кетган. Бу ҳақда Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотига асосланган ҳолда The Guardian нашри хабар бермоқда.

Охирги якшанба смог туфайли мамлакат шимоли-шарқида аҳоли газниқобдан фойдаланишга мажбур бўлган эди. Ляонин вилоятида онкологик хасталиклар ва юрак касалликларини чақирадиган PM2.5 ҳаво зарраларининг рекорд даражада тўпланиши кузатилди. Бундай зарарли зарраларнинг тарқалиши қиш бошланиши билан хитойликлар уйларини иситиш мақсадида кўп миқдорда кўмир ёқа бошлаши билан боғлиқдир.

CCTV давлат телеканалининг маълумотларига қараганда, смог туфайли вилоят пойтахти Шэньянда одамлар 100 м дан нарисини кўра олмай қолган.

“Кўчада бўлсам, кўзим ва томоғим оғрий бошлайди, - деди телеканлга интервью берган маҳаллий аҳоли вакили. – Нима қилишни билмаяпмиз”.

Бу воқеалар ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.