АҚШда 9 яшар қизчани питбул зотли ит ғажиб ташлади

Жаҳон 10 Ноябрь 2015 9327

АҚШнинг Лонг-Айленд шаҳрида 9 ёшли қизчага питбул зотли ит ташланди, деб хабар бермоқда The New York Post.

Икки ёшли ит унга ҳужум қилганида, қизча уйининг орт тарафида ўз дугоналари билан ўйнаётган эди. Ҳатто ёши катта қўшнилар ҳам итни қизчадан ажрата олишмади. “Ит қизчанинг бўйниданми, қулоғиданми тишлаб олиб, уни худди қўғирчоқ сингари у ёқдан-бу ёққа силтар эди”, — деди қўшнилардан бири.

У билан ўйнаётган қизчалар қочиб кетишган ва ёрдам чақиришган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимларининг айтишича, ит уларга ҳам ҳужумга ўтган. Шунда ходимлардан бири унга қарата уч марта ўқ узган ва питбулни ўлдирган. Қизчани шифохонага олиб боришган, аммо орадан икки соат ўтиб у вафот этган.

Питбулнинг эгаси бўлмиш 29 ёшли Карлайл Арнольдни ҳибсга олишган. Арнольднинг қариндошлари ит одамларга нисбатан мулойим бўлганини, бўлиб ўтган воқеадан ҳайратга тушишганини маълум қилишган.

Кўпроқ янгиликлар