Сиёсий урушлар гирдобида қолган Яманга табиий офатлар ҳам жиддий зарар келтирмоқда. 9 ноябрь куни Яманнинг Сокотра ороли қирғоқларига келиб урилган "Мег" циклони туфайли 6 киши ҳалок бўлган ва 60дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу ҳақда БМТ расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

"Мег" номли тропик циклон куча Сокотра оролига хуруж қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу туфайли 6 киши ҳалок бўлиб, 60дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу табийй офат жиддий иқтисодий зарар келтирди. Сокотрадаги қишлоқлар жабрланди. БМТ ёрдамга муҳтож ҳудудларга ёрдам етказишни бошлаган", дейди Дюжаррик.

Бир неча кун олдин Яманга "Шапала" номли циклон ҳам ёпирилган, ўшанда 8 киши ҳалок бўлиб, 44 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этишга мажбур бўлганди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳаси жиддий зарар кўрган, ҳосил нобуд бўлган.

Ушбу икки йирик табиий офат туфайли шундоқ ҳам икки сиёсий куч ўртасидаги низолардан азият чекаётган Яман халқи ўта ночор аҳволга тушган. Айни вақтда, БМТ маълумотига кўра, Яманда 21 миллион киши (мамлакат аҳолисининг 80 фоизи) инсонпарварлик ёрдамларига муҳтож бўлиб турибди. Ташкилотнинг огоҳлантиришича, Ямандаги 22 вилоятдан 10тасида очарчилик бошланиши мумкин.