8 ноябрь куни британиялик таниқли тадбиркор ва продюсер Ангад Пол жонсиз ҳолда топилди. Полиция маълумотига кўра, ушбу миллиардер Лондондаги баланд қаватли бинолардан биридан, 8-қаватдаги уй деразасидан пастга қулаган. Терговчилар у ўз жонига қасд қилганини гумон қилишмоқда. Шунингдек, бу тасодифий ҳодиса бўлиши ҳам мумкинлиги истисно қилинмаяпти.

"Воқеа жойига 4-5та полиция машинаси етиб келиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганишни бошлаган. Шунингдек, воқеа жойига тез тиббий ёрдам машиналари ва ўт ўчирувчилар чақирилган. Судмедэкспертиза вакиллари ҳам шу ерда дея воқеа жойидан хабар берган гувоҳлардан бири. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар ходимлари бу жойда 4 соат қолишган.

Пўлат бизнеси билан шуғулланган марҳум миллиардер Ангад Пол Caparo Industries компанияси хўжайини ҳисобланар эди.

Тhe Evening Standard нашри маълумотига кўра, 1 ой олдин корпорация бошқарувида ички ўзгаришлар бўлиб ўтганди. Бунга иқтисодий инқироз шароитида компания самарадорлигидаги пасайишлар сабаб бўлган. Натижада, компания ишчиларни оммавий тарзда ишдан бўшата бошлаган. Компаниянинг Буюк Британиядан ташқари АҚШ ва Ҳиндистондаги ходимлари ишдан бўшатилган.

Қайд этиш керакки, Ангад Пол таниқли продюсер ҳисобланар эди. У Гай Ричи билан ҳамкорликда "Карталар, пуллар ва 2 стол" номли фильм ишлаган. У жами 10та картинада продюсерлик қилганди.

Маълумот учун, Ангад Пол Буюк Британиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлмиш Свража Полнинг (Лордлар палатасининг 84 ёшли аъзоси) энг кичик ўғли бўлиб, Caparo Industries компаниясига Свража Пол 1968 йилда Ҳиндистондан келиб, асос солган эди.