Африкадаги энг йирик телекоммуникация компанияси MTN Group бош директори Сифисо Дабенгва компаниянинг Нигериядаги бўлимига нисбатан солинган 5,2 млрд долларлик жарима туфайли истеъфога чиқди, деб хабар бермоқда AP ахборот агентлиги.

“Сифисо Дабенгва компаниянинг Нигериядаги бўлими дуч келган бир қатор омадсизликлар туфайли истеъфога кетди”, дейилмоқда хабарда.

Компанияда айтилишича, яқин ярим йил ичида бу лавозимни компаниянинг собиқ раҳбари Футума Нлеко эгаллайди. У Нигерия алоқалар бўйича комиссияси билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди. Комиссия компанияни 5,2 млн қайд қилинмаган мижозни тармоқдан узиб қўймагани учун жаримага тортган. 

Маҳаллий ҳукумат фикрича, компания фаолияти миллий хавфсизликка хавф сифатида талқин қилинмоқда, чунки қайд қилинмаган уяли телефонлардан “Боко Ҳарам” террорчилик гуруҳига кирувчи террорчи-худкушлар ва жангариларни бошқариш ҳамда одам ўғирлашлар ва қуролли босқинчиликларда фойдаланиш мумкин. 

Ўтган ҳафтада Йоханнесбург фонд биржаси 20 фоизга арзонлашиб кетган компания акцияларини компания ўз акционерларини Нигерия ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётганига ишонтирмагунча сотишни тўхтатди.

MTN’нинг Нигериядаги 60 млн дан кўпроқ мижози компания умумий даромадининг учдан бир қисмини келтирарди. Умумий ҳисобда MTN хизматларидан Африка, Осиё ва Яқин Шарқда яшовчи 233 млн абонент фойдаланади.