2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда салкам 800 та божхона қоидабузарлиги аниқланиб, қиймати 6 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олиб кўйилди.

Жумладан, бошқарманинг “Тошкент-товар” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги “K.A.” корхонаси (мақолада ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари номлари ўзгартирилган) томонидан Хитойдан келтирилган “Ошхона анжомлари” товарлари унга тегишли йўл-юк кузатув ҳужжатлари ҳамда божхона юк декларацияси асосида божхона кўригидан ўтказиш давомида 114,5 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги салкам 30 турдаги товар божхона декларациясида қайд этилмагани аниқланди.

Шунингдек, мазкур божхона постида “А.А.Т.” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) номига келтирилган товарларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларациясида қайд этилмаган қиймати салкам 136,4 млн. сўмлик турли хўжалик моллари тегишли ҳужжатларсиз олиб кирилганлиги фош қилинди.

“Арқ-булоқ” ТИФ божхона пости ходимлари “N.M.C.”МЧЖ томонидан товарларни ноқонуий равишда олиб киришга бўлган уринишларни фош қилишди. Мазкур корхона номига келтирилган юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, қиймати 250 млн. сўмлик салкам 50 турдаги “Автомобиль эҳтиёт қисмлари” божхона юк декларациясидан “тушиб” қолганлиги аниқланди.

“Чуқурсой” ТИФ божхона пости ходимлари пойтахтимиздаги “Q.G.L.” МЧЖ томонидан келтирилган юкларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларациясида қайд қилинган кимёвий моддалардан ташқари тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 75 млн. сўмлик 62 турдаги турли халқ истеъмоли товарларига ҳам дуч келишди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.