Япония АҚШда ишлаб чиқарилган 24 та Patriot зенит-ракета мажмуасини бутун ҳудуди бўйлаб 15 та ҳарбий базада жойлаштириш ишларини ўз ниҳоясига етказди. Бу ҳақда Хитойнинг ТАСС маълум қилди.

Расмий Токионинг ишонтиришича, бу мажмуалар Шимолий Корея томонидан берилиши мумкин бўлган ракета-ядро зарбасини қайтариш учун мўлжалланган.

Октябрь охирида Япония Мудофаа вазирлигининг расмий вакили ҳаво ҳужумига қарши иккита Patriot мажмуаси Хоккайдо оролидаги ҳарбий-ҳаво базасида жойлаштирилганини маълум қилганди.

Ундан аввалроқ тўртта мажмуа Токио яқинида жойлаштирилган. Ушбу мажмуаларни жанговор навбатчиликка қўйиш бўйича кенг кўламли дастур 2004 йилда бошланган эди.

Охирги ўн йиллик давомида Япония АҚШдан фаол равишда Patriot мажмуаларини сотиб олган ва буни “ташқи хавфлардан ҳимояланиш зарурати” билан тушунтирган. Мисол учун, 2006 йилда Япония бундай мажмуаларни сотиб олиш учун 144 млн доллар сарфлаган.

Patriot зенит-ракета мажмуаси барча ҳаво шароитларида ишлай оладиган узоқ масофаларга мўлжалланган мажмуа бўлиб, қанотли ракеталар, баллистик ракеталар жанговор каллаги ҳамда исталган турдаги ҳарбий самолётни уриб туширишга мўлжалланган. Бу мажмуа АҚШдан ташқари Греция, Исроил, Испания, Нидерландия, Германия каби яна 13та давлатда қуролланишга олинган.