2015 йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Индонезиянинг Палембанг шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик яна бир спортчи Ольга Умаралиева қитъа чемпионатининг олтин медалларига эга чиқди. Шу билан биргаликда у, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича 200 метр масофага ўтказилган яккалик пойгаларида Ольга марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар ушбу қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Алексей Мочалов байдаркада, Герасим Кочнев эса каноэда эшкак эшиш бўйича яккалик қайиқда 1000 метр масофага ўтказилган пойгада биринчи ўринни эгаллаганди. Каноэда эшкак эшиш бўйича икки кишилик қайиқда 1000 метр масофага бўлиб ўтган пойгада Вадим Меньков ва Серик Мирбеков шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Шу тариқа, Палембанг шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида бир йўла беш нафар ўзбекистонлик эшкакчи 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди.