УЕФА бош котиби Жанни Инфантино ФИФА президентлиги учун тақдим этган ўз номзодини қайтариб олиш эҳтимоли ҳақида маълум қилди.

Маълум қилинишича, УЕФА раҳбари Мишель Платини сайловда иштирок этадиган бўлса, Инфантини иштирок этмайди. Бу ҳақда унинг ўзи Италиядаги La Gazzetta dello Sport нашрига маълум қилган.

"Платини - менинг бошлиғим. Мен у билан 10 йилдан буён бирга ишлаб келаман. Агар у сайловда номзод сифатида иштирок этиши аниқ бўлса, албатта, уни қўллаб-қувватлайман ва мен унинг фойдаси учун ўз номзодимни қайтариб оламан. Бу шунчаки садоқатим ифодаси. Айни вақтда эса ФИФА президентлиги учун номзодлар қаторида турибман ва ишлашда давом этмоқдаман", дейди у.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойининг охирида Швейцария прокуратураси Мишель Платини ФИФА раҳбари Йозеф Блаттердан 2 миллион франк миқдорида маблағ олгани бўйича текширув ўтказишни бошлаган ва уни 90 кунга футбол фаолиятидан четлаштирганди. Ушбу муддатга яна 45 кун қўшиб берилиши мумкин ва агар шундай бўлса, Платини 2016 йилнинг 26 февралига белгиланган сайловда қатнаша олмайди.

Инфантино 26 октябрь куни, ФИФА президентлиги учун номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган муддат якунланиши арафасида ўз номзодини тақдим этганди.

Инфантино 2009 йилдан буён УЕФА бош котиби лавозимида ишлаб келади. Унинг мутахассислиги адвокат бўлиб, 15 йилдан буён УЕФАдан ишлайди.

Маълумот учун, ФИФА президент сайловига номзод сифатида 7 кишининг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказган.

Булар Мишель Платини, УЕФА бош котиби Жанни Инфантино, ФИФА Ижроқўми собиқ аъзоси Жером Шампань, Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳуссайн, ОФК раҳбари, баҳрайнлик шайх Салмон ибн Иброҳим, Либерия футбол уюшмаси раҳбари Муса Билити ҳамда Жанубий африкалик мультимиллионер Мосима Габриэл Севале ФИФА президентлиги учун расман номзод ҳисобланишади.