Қозоғистонда узоқ муҳокамалардан сўнг бошқа давлатлар фуқаролари бўлмиш этник қозоқларнинг мамлакат ҳудудига кўчиб келиш қоидаларини енгиллаштириш борасида қадамлар ташланмоқда.

5 ноябрь куни мамлакат сенати ўралманларга (бошқа давлатдан кўчиб келган этник қозоқларга) имтиёзлар бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Агар ушбу лойиҳа мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев томонидан имзоланса, уларга 3 ойдан 1 йилгача бўлган мухлатда фуқаролик берилади. Илгари 4 йил муддат кўзда тутилган эди.

Бундан ташқари, ўралманлар истаган жойларига кўчиб ўтиш имкониятига эга бўлади. Илгари уларнинг Остона ёки Олма-Отада ўрнашиши тақиқланган эди.
Шунингдек, ҳукумат уларга нисбатан қўлланилаётган терминология устида ҳам бош қотирмоқда. Бошқа давлатдан кўчиб келаётган қозоқларнинг каттагина қисми "ўралман" атамасини хушламаётгани боис бундан буён улар “бағирдош” (бауырлас) ёки “ватандош” (отандас) деб аталиши мумкин.

Охирги йилларда молиявий қийинчиликлар ҳукуматни ўралманлар дастурини бироз қисқартиришга мажбур қилган эди, натижада уларга белгиланган кўплаб имтиёзлар ва нафақа тўловлари бекор қилинган эди. 2012 йилда Қозоғистонга 39 минг ўралман келган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 8 минг кишига қисқариб кетди. 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида ташриф буюрган ўралманлар сони 3 012 кишини ташкил қилди.