“Оскар” ва “Олтин глобус” киномукофотлари соҳиби, Голливуднинг машҳур актёрларидан бири Роберт Де Ниро Москвада ўзининг янги ресторанини очди. Шу муносабат билан у россиялик журналистлар билан суҳбатлашди. Америкалик актёр Москвага Nobu ресторанлар тармоғи эгаларидан бири сифатида келди.

Де Ниро журналистлар билан суҳбатга яхши кайфиятда келди, улар билан суҳбат чоғида кўп табассум, ҳазил-мутойиба қилди.

Охирги пайтда кўплаб хорижий артистлар, спортчилар, хонандалар Россия фуқаролиги олишни сўрашмоқда. Де Ниродан у ҳам бундай йўл тутиши эҳтимоли бор-йўқлигини сўрашганда “Эҳтимол, мен Россия фуқаролигини олишни истарман. Бу мураккаб вазият, ўйлаб кўриш керак, олдиндан ҳеч нарсани айтиб бўлмайди”, деб айтди. 

Шунингдек, актёрдан у Россия ёшларига қандай маслаҳат берган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўрашди. “Мен ҳаммангиз йиғилиб, тўғри ишлар билан шуғулланишингизни, барча бемаънигарчиликларни ортда қолдириб, дунёни яхшироқ қилишингизни истардим. Биз барчамиз баҳслар тўхташи учун бирлашишимиз, бирга ишлашимиз лозим”, деб айтди Де Ниро.

Де Ниро шунингдек, чучвараларни яхши кўришини, бироқ уларни тайёрлашни билмаслигини айтди. Де Ниродан бўш вақтини ресторан бизнесидан бошқа яна нимага бағишлашни исташи ҳақида сўрашганда у “Кўп нарса билан шуғулланишни истардим, бироқ бунга вақт топишим даргумон”, деб жавоб берди.

Де Ниро ҳозирда 72 ёшда. Жаҳон киносанъатининг етакчи актёрларидан ҳисобланади. “Чўқинтирган ота”, “Ёвуз кўчалар”, “Таксичи”, Қутурган ҳўкиз”, “Комедия қироли”, “Ота-она билан танишиш” каби кўплаб машҳур фильмларда роллар ижро этган.