Швециянинг ғарбида жойлашган Алингсос шаҳарчасида мамлакатга катталарсиз, бир ўзи келган ўсмир қочқинлар учун мўлжалланган бошпанада чиққан жанжалда 4 киши пичоқ жароҳатлари олди.

Воқеа жойига полиция ва тез тиббий ёрдам машинаси келган. Жабрланганлардан бири жиддий жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган. Қолган 3 киши енгил жароҳатлар олган.

Полиция ходимлари жиноятчини қидиришмоқда. Уларнинг фикрича, жанжал маиший келишмовчилик сабаб чиққан.

Швеция миграция бошқармасининг прогнозига кўра, шу йилнинг ўзидаёқ Швецияга 30 минггача ота-онасиз бўлган ўсмир қочқин келиши мумкин. Кўпчилик мутахассислар уларнинг асл ёшлари улар айтаётгандан фарқланишига шубҳа қилишмоқда, чунки 18 ёшдан кичикроқ муҳожирларга Швецияда яшаш учун рухсат олиш осонроқдир.