Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи спортчилари Чорвоқдаги оғир атлетика базасида жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттиришмоқда.

Бош мураббий Баҳром Абдумаликов терма жамоа машғулотига Руслан Нуриддинов, Улуғбек Алимов, Сардор Дўсмуродов, Достон Ёқубов, Муҳаммад Бегалиев, Алихан Эргашев, қизлар жамоасидан Манзура Мамасолиева, Лола Қодирова, Марина Сисоева каби тажрибали атлетларни таклиф этганди.

Лекин оғир атлетика бўйича 2013 йилги ЖЧ ғолиби, 2014 йилги турнирнинг кумуш медал совриндори ҳисобланмиш Руслан Нуриддинов 2015 йилнинг 20 ноябридан 29 ноябригача АҚШнинг Хьюстон шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайдиган бўлди. Бунга у ўз жароҳатларидан тиклана олмагани сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ва Осиё федерациялари вице-президенти Шахрулло Маҳмудов маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Руслан Нуриддинов 2013 йилда Польшанинг Вроцлав шаҳрида ўтказилган ЖЧда 105 кг ваз тоифасида иштирок этиб, олтин медалга эга бўлганди.