Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Барак Обама Туркиянинг Анталия шаҳрида 15-16 ноябрда бўлиб ўтадиган G20 – “Катта йигирматалик” саммитида учрашув ўтказишлари мумкин, деб хабар бермоқда Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестга иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги. Учрашув қандай форматда ўтиши ҳозирча айтилмаган.

“Мен аввал умумий тадбирларда ёки норасмий равишда бўлгандек, саммитда ҳам президентлар ўртасида қандайдир музокаралар бўлиши мумкинлигини истисно қилмайман””, деб айтди Эрнест.  

Эрнест икки давлат президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтиши ҳақида режалар ҳали тасдиқланмаганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг 28 сентябрида БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессияси давомида Путин ва Обама ўртасида Нью-Йоркда улар орасида охирги 2 йил ичида биринчи учрашув бўлиб ўтган эди.