Россиянинг НТВ телеканали орқали намойиш қилинадиган “Поедем, поедим!” кўрсатуви ижодкорлари айни кунларда Самарқандда турибди. Гуруҳга кўрсатув бошловчиси Жон Уоррен бошчилик қилмоқда.

“Поедем, поедим!” гуруҳи съёмка гуруҳи бизнинг қадимий шаҳримизда бир қатор миллий таомларнинг пиширилиш ва машҳур Самарқанд нонларининг ёпилиш жараёнларини суратга олди”, - деди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Самарқанд минтақавий бўлинмаси раҳбари Илҳом Сувонов.

36 дақиқали кўрсатувнинг сюжетларидан бири шаҳардаги ош марказларидан бирида суратга олинди. Бу ерда Жон Уоррен уч ошпаз ўртасида мусобақа уюштирди. Иштирокчилар Ҳикмат, Баҳодир ва Бахтиёр олдига Самарқанд ошининг турларини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Ҳикмат чойхона ошини, Баҳодир уй ошини, Бахтиёр эса ситора ошини тайёрлади.

Жон Уорреннинг сўзларига қараганда, кўрсатув Янги йилга яқинроқ эфирга узатилади.
Съёмка гуруҳи 11 ноябрь куни Бухорога йўл олади.
Съёмка ишлари “Ўзбектуризм” кўмагида “Мега-инфо-турлар” дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Жон Уоррен 2012 йилдан буён “Поедем, поедим!” кўрсатувига бошчилик қилади. У Буюк Британия фуқароси бўлса ҳам, 20 йилдан буён Россияда яшайди.